Sunday, November 20, 2016

Ўқиш орқали жазо муддатини қисқартириш

         2012 йилдан бошлаб Бразилия қамоқхоналаридаги баъзи маҳбуслар учун билим ҳақиқий кучга айланди.




2012 йилнинг 22 июньида Бразилияда “Ўқиш орқали жазо муддатини қисқартириш” дастури тасдиқланди. Дастур ҳар бир ўқилган китоб учун озодликдан маҳрум қилиш (бундан кейин матнда ОМҚ деб юритилади) тариқасидаги жазо муддатини 4 кунга қисқартириш имконини беради. Битта китобни ўқиш учун белгиланган вақт 1 ой бўлиб, ўқилиши мумкин бўлган китоблар рўйхати жазони ижро этиш муассасаси (қамоқхона) маъмурияти томонидан берилади ва маҳбуслар қайси китобни ўқишни ушбу рўйхатдан танлаб олади. Китоблар тўрт соҳага - мумтоз ва жаҳон адабиёти, фалсафа ҳамда илм-фан соҳасига оид. Дастур бир йилда 12 та китоб ўқилишини назарда тутади ва маҳбуслар ОМҚ жазоси муддатини бир йилда максимал 48 кунга қисқартириши мумкин.

Бироқ ҳамма маҳбуслар ҳам ушбу дастурда иштирок эта олмайди. Дастурда қатнашишни хоҳловчи маҳбуслар қатнашиш имконини берувчи шартларга (содир этган жиноятнинг оғирлик даражаси, нечанчи марта жиноят содир этганлиги ва бошқалар) мос бўлиши лозим. Дастурда қатнашиш талабига жавоб берувчи маҳбуслар 30 кун ичида фақатгина китобни ўқиш билан чекланмайди. Улар китоби чиндан ўқиб чиққанлиги, мазмунини қай даражада тушунганлигини кўрсатиш учун китоб асосида иншо ёзишлари керак. Ўз навбатида, ёзилган иншо грамматик  ва мантиқий жиҳатдан қониқарли даражада бўлиши лозим. Ёзилган иншоларнинг қониқарли эканлиги махсус комиссия томонидан кўриб чиқилади. Агар иншо бошқа кишидан кўчирилган (плагиат) бўлса, кўчирган ва кўчиртирган маҳбус дастурдан четлатилади.



Ушбу дастурдан асосий мақсад маҳбуслар ахлоқини яхшилаш, уларнинг қайта жиноят содир этмасликка рағбатлантириш ҳамда маҳбусларнинг саводхонлик даражасини ошириш ҳисобланади. Таъкидлаш жоизки, қамоқхонадаги маҳбусларнинг кўпчилиги биринчи марта жиноят содир этганлар эмас, балки қайта жиноят қилган шахслар ҳисобанади. “Ушбу дастур орқали маҳбус маърифатлироқ ҳамда кенгроқ дунёқарашга эга бўлган шахс сифатида қамоқхонани тарк этади”, - деб таъкидлайди дастурнинг китоблар таъминотига бошчилик қилувчи ҳуқуқшунос Андрей Кехде.

Шунингдек, маҳбуслар сони бўйича дунёда етакчи давлатлардан бири ҳисобланган Бразилия ушбу дастур орқали қамоқхонада жазони ўтаётганланинг сонини қисқартириш мақсадини ҳам кўзлаган. Қамоқхоналардаги маҳбуслар сонининг қисқариши эса ўз-ўзидан уларга сарфланаётган харажатларни қисқартиради. АҚШ даги “Олд Доминион” университети докторантлари Анне Лее ва Кристл Роу ўзларининг мақоласида ишида ушбу дастурнинг иқтисодий фойдаси ҳақида фикр юритар экан, Виржиния штатида ҳар бир маҳбус учун сарфланаётган харажатлар ҳисобини келтириб ўтади. Унга кўра, 2012-йилда Виржиния штатида битта маҳбус учун сарфланган кунлик харажат 65 доллар 85 сентни ташкил қилади. Битта китоб ўқиш орқали жазо муддатини 4 кунга қисқартириш тахминан 275 доллар харажатнинг олдини олади. Агар бир маҳбус бир йилда дастур орқали жазо муддатини 48 кунга қисқартирса, унга қилинадиган йиллик харажат 3300 долларга камаяди. 2012-йилда Виргиниядаги маҳбуслар сони 29792 кишини ташкил этган. Агар уларнинг атиги 1 фоизи худди шу дастур орқали муддатни қисқартирса, 981 минг 525 доллар маблағ сақлаб қолинади. Бу ҳар йили деярли бир миллион доллар харажатни олдини олиш дегани, - деб ёзади Анне Лее ва Кристл Роу.

Ҳозирги кунда ушбу дастур Бразилиядаги тўртта федерал қамоқхона амал қилмоқда. Парана штатидаги Катандувас жазони ижро этиш муассасаси дастур проект жорий этилган қамоқхоналардан бири ҳисобланади. Ушбу қамоқхонадаги натижалар ҳозирда ижобий: бир йил даомида (2012 йил октябрьдан 2013 йил октябрьгача) дастурда 2725 та маҳбус иштирок этган бўлиб, бу сон қамоқхонадаги жами маҳбусларнинг 15 фоизини ташкил этади. Шунингдек, ушбу бир йиллик муддат ичида Катандувас қамоқхонасида таълим олаётган маҳбуслар сони ҳам 41 фоиздан 57 фоизга ўсган.




Ўз навбатида, дастурнинг самарасига шубҳа билан қаровчи фикрлар ҳам йўқ эмас. Биринчидан, дастур маҳбуслар орасида саводхонлик даражасини оширса-да, дастур орқали жазо муддатини қисқартирган шахсларнинг маънан ва ахлоқан тузалиши ҳамда қайта жиноят содир этмаслиги 100 фоиз кафолатланмаган, деб таъкидлайди баъзи мутахассислар. Шунингдек, дастур қамоқхоналарда ўзига хос “Қора бозор” шаклланишига сабаб бўлади: маҳбуслар пул ёки маълум нарсалар эвазига бошқа маҳбуслар учун китоб ўқиб, иншо ёзиб бериши мумкин деган фикр ҳам илгари сурилган.

Фикримизча, дастур самарасини шубҳа остига олувчи қарашлар мавжуд бўлса-да, ушбу дастур орқали эришиш мумкин бўлган иқтисодий ва маънавий натижалар дастурни кенг равишда жорий этишга арзирли. Шу ўринда, жиноят содир этганларни озодликдан маҳрум қилишдан асосий мақсад шунчаки уларни жазолаш эмас, балки ахлоқан тузатиш эканлигини эсдан чиқарилмаслиги лозим.

Фойдаланилган манбалар:
    1.  Anne Lee and Christle Rowe, “Redemption through Reading”, August 4, 2014: http://imaginingjustice.org/blogs/redemption-through-reading/

  2. Edward Fox, “Brazil Introduces Reading Program For Prisoners  To Reduce Sentences”, July 19, 2012: http://www.insightcrime.org/news-briefs/brazil-introduces-reading-program-for-prisoners-to-reduce-sentences

  3. Giuliano Toshiro Yajima, “Redemption through Reading in Brazilian Prisons”, November 2013: http://www.ideassonline.org/public/pdf/ScontiPenaBrasile-ENG.pdf

  4. Reuters, “Reading offers Brazilian prisoners quicker escape”, June 25, 2012: http://www.reuters.com/article/brazil-prison-reading-idUSL2E8HP75L20120625

  5. Ellie Robins, “Brazilian prisoners reduce sentences by reading”, June 27, 2012: http://www.mhpbooks.com/brazilian-prisoners-reduce-sentences-by-reading/